Дунёда касблар кўп. Аммо улар ичра энг улуғи ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим қўлида ўз йўлини топади. Инсон йўқки, устоз-муаллим сабоғисиз камолга етган бўлса! Халқимиз ўқитувчи-педагогларни бежиз қадрлаб, кўкларга кўтармайди. Ота-боболаримиз Ватан, ота-она ва устоз тушунчаларини уйғунлаштириб, уларни доимо ардоқлашга даъват этган.

IMG_0160.jpg

Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида элу халқимиз ўзининг устоз-муаллимларига чексиз ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида 1 октябрь санасини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.

Шу муносабат “Учқудуқ” маданият уйида  бўлиб ўтган асосий байрам тантанасига туманимизнинг  барча ҳудудларидан таълим-тарбия тизими ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган халқ таълими ходимлари таклиф этилди.
— Бугун биз, муаллимлар учун яна бир қувончли кун, — дейди туманимиздаги 18 – умумий ўрта таълим мактаби  ўқитувчиси,  “Шуҳрат” медали соҳибаси Мақсуда Шамсиева . — Ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг юртимизда кенг нишонланиши кўнглимга бир олам завқ бағишлайди.  Ўқитувчига давлатимиз томонидан кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда янада кўпроқ ишлагинг, яхши натижалар билан ишончни оқлагинг келади.
Бу ерда байрам шодиёналари янада улуғворлик касб этди.  Маданият уйи остонасида мўътабар устозлар карнай-сурнай садолари ва анвойи гуллар билан кутиб олинди.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда  туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, таълим-тарбия фидойиларининг хизматини  алоҳида эътироф этди.

Тадбирда  ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийлар туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари даврага кўтаринки кайфият улашди.

Санжар ЯХЁЕВ,

департаментнинг туман бўлими бошлиғи, 1-даражали юрист,

Ориф АЛЛАНАЗАРОВ,

департаментнинг туман бўлими инспектори.

Add new comment