Президент 1 ой ичида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди, дея хабар бермоқда Кун.уз мухбири.

Президент Шавкат Мирзиёев талабалар уйлари ташкил этиш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

«Охирги 4 йилда ОТМлар сони 47тага ортди. Бугунги кунда 129та ОТМда 500 мингдан ортиқ талаба таълим оляпти. Лекин пойтахтнинг ўзидаги жами 85та талабалар уйида атиги 13 фоиз ёшлар турар жой билан таъминланган.

Ёки 18 минг талаба таҳсил олаётган Самарқанд давлат университетида бор-йўғи 1 600 ўринли ётоқхона мавжуд.

Шунинг учун 2021–2023 йилларда талабалар уйлари ташкил дастури 1 ой ичида ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилиши керак», – дея президентнинг 27 январь кунги селектордаги сўзларини келтирмоқда Кун.уз мухбири.

Давлат раҳбари бу топшириқ ижросини бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва молия вазири Тимур Ишметовга юклади.

 

Шу ой бошида Олий таълим вазирлиги расмийлари  маълум қилгандики, турар жойга муҳтож талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиши кўрсаткичини 2020/21 ўқув йили охиригача 35–36 фоизга, 2025 йилгача 50 фоизга етказиш мўлжал қилинган.

Бунда ТТЖлар давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилади.

«Бу борада 2021–2025 йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиб, таклиф сифатида киритдик. Бу тасдиқланадиган бўлса, 2021 йилнинг ўзида 21та ТТЖ қурилади ва қўшимча 8200 талаба ётоқхона билан таъминланади», – деганди вазирлик бошқарма бошлиғи Отабек Базаров.

Унинг айтишича, 2030 йилгача мотел ва ҳостеллар ҳам қурилиб, уларнинг ҳисобига талабаларнинг 90 фоизга яқини турар жойга эга бўлиши кўзда тутилмоқда.

Add new comment