Бугун дунё тамаддуни шундай босқичга келдики, замонавий билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларсиз кўзланган маррага эришиб бўлмаслиги аён бўлиб қолмоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам ўқувчи ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг иқтидорини эрта аниқлаш, салоҳиятларини янада юксалтириш кун тартибидаги муҳим масалагаайланган десак, тўғри бўлади. Барча умумий ўрта таълим мактаблари замонавий жиҳозлар, компьютер синфхоналар, зарурий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Ўз навбатида ёшлар ҳам яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, пухта билим олишга, тил ўрганишга, спорт билан шуғулланишга, китоб мутолаасига эътибор беришаётир.
Бунинг натижаси ўлароқ, жорий ўқув йилида 14 та мактабни 289 нафар битирувчи тугатаётган бўлса, ҳозирданоқ уларнинг 7 нафари муддатидан олдин талаба бўлишди.
3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари Артур Аржанов, Адил Насиров, Мардонали Рахматовлар Россиянинг Синегерия университети, 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқучилари Улуғбек Эсонбоев British Management университети, Аббос Эргашов эса бир йўла 20 дан ортиқ Америка университетларига ҳужжат топшириб талаба бўлдилар.
Шунингдек, 7-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Умида Абдуллаева Тошкент амалий фанлар университетининг иқтисод йўналишига, 10 – умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёр Ҳайдаров CAMBRIDGE IU, WESTMINSTER сингари ўндан ортиқ нуфузли университетларга имтиҳон топшириб, ижобий хулоса олишган.
Мустақил ҳаётга қадам қўяётган муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлган ушбу битирувчиларимизга ўқиш ва ишларида омадлар тилаймиз!
Ҳа, ёшлар мамлакатимизнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳиятли ресурс ҳисобланади. Шундай экан, биз педагогларнинг асосий ва энг муҳим вазифамиз Ўзбекистонни янги иқтисодий-ижтимоий тараққиёт босқичига олиб чиқишга қодир бўлган авлодни тарбиялашдан иборатдир. Бинобарин, ана шундай ёшлар Янги Ўзбекистон келажагини белгилайди.
Ориф ХУДОЙҚУЛОВ,
туман ХТБ мактаблар бўлими методисти.
Add new comment