Ассалому алайкум азиз устозлар!

   Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

   Меҳридарё муаллимлар!

 

Аввало сиз азизларни сизларнинг тимсолингизда учқудуқлик барча ўқитувчи ва мураббийларни ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли чин маънода машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни умумхалқ байрами – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Устоз-мураббий деганда барчамизнинг кўз олдимизда қадрдон мактабимиз, бизга алифбони ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллималаримиз сиймоси намоён бўлади. Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно – мазмунини ва олийжаноблигини, аҳамиятини ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”, деган сўзлари сизларнинг машаққатли меҳнатларингизга берилган баҳо десак, янглишмаган бўламиз!

 

Азиз тумандошлар!

 

Бугунги кунда Учқудуқ туманида 19 та умумтаълим мактаби, 15 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 17 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, Баркамол авлод болалар мактаби, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, туман спорт мактаби, “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси, Учқудуқ саноат техникуми ҳамда Учқудуқ касб-ҳунар мактаби фаолият кўрсатмоқда. Мазкур таълим даргоҳлари ва спорт мажмуаларида таълим – тарбия топаётган истеъдодли ёшлар томонидан қўлга киритилаётган ютуқларда албатта, илм даргоҳларида меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг, спорт секциялар мураббийларининг меҳнати беқиёс, албатта!.

Бугун ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар шаънига энг яхши сўзларни айтиб, уларга эзгу ниятларимизни билдирар эканмиз, турли беллашувлар, олимпиадалар ва спорт мусоқабаларида Учқудуқ шаънини ҳимоя қилаётган билимли ва истеъдодли болаларни камолга етказаётган барча ўқитувчи ва мураббийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

 

Айтиш жоиз бўлса, бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади!”, деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, сўнгги уч йилда 5, 7, 10, 14, 15 – сонли мактабларда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. 5 – сонли мактабда 220 ўринли, 10 - сонли мактабда 360 ўринли қўшимча бинолар қуриб битказилиб, ўқувчилар ихтиёрига фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 14 ва 15 - сонли мактабгача таълим ташкилотида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. сўнгги уч йилда мазкур капитал таъмирлаш ва қурилиш ишларига жами 27 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Бундан ташқари, таълим ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сўнгги русумдаги компьютер жамламалари орг техникалар спорт ва мусиқа анжомлари билан таъминлаш масалалари ҳам диққат марказимиздаги устувор вазифаларимиздан биридир.

 

Қадрли устозлар!Бугунги байрам кунларида фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган туманимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат ва эътибор билан тилга оламиз. 20-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Тўйбиби Қадамова, бошланғич синф ўқитувчиси Муҳаббат Алимова, 6-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Шоҳиста Арабова, 10-мактабнинг математика ва информатика фани ўқитувчиси Холида Турсунова, 18-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Наргиза Мансурова, 12-мактабнинг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Жами Қуракбаев, 15-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Жақсигул Ақпарова, 8-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Маҳлиё Рустамова, 14-мактаб директори Ақшагул Мадреймова, 16-мактаб директори Райса Жақсиликова, 9-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Норжон Собирова, қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Алмат Жунисов, 4-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Жамал Сейтпенбетова, 7-мактабнинг миллий истиқлол ғояси фани ўқитувчиси Сарвар Қосимов, 3-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Мамлакат Самадовалар шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, куни-кеча ўтказилган "Йилнинг энг яхши тарбиячиси" республика кўрик-танловида 2-сонли ДМТТ тарбиячиси Дилрабо Ғаниева нафақат туманимиз балки вилоятимиз шаънини ҳам муносиб ҳимоя қилиб, "Энг яхши ихтирочи ижодкор тарбиячи" йўналишида 3-ўринни қўлга киритди. Муассаса жамоасини ҳам ихтирочи ҳам ижодкор тарбиячини нуфузли республика танловида қўлга киритган ютуғи билан самимий табриклайман!. 

Шунингдек, 5 - сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулноза Рўзиева, Феруза Маманова, 14- сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Мафтуна Файзиева, 1- сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулбаҳор Фахриева, 12- сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Зебо Саъдуллаева, 13- сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулзода Ражабовалар меҳнати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

 

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

Меҳридарё муаллимлар!

 

Бу байрам, аввало Сизнинг билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингиз ва қалб қўрингиз, бутун борлиғингизни аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қилаётганингиз учун халқимизнинг ҳурмат ва эҳтироми намунасидир.

Улуғ халқимиз устозларни эъзозлаб: “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, дейишади. Дарҳақиқат, муаллим – устоз шундай улуғ зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир!

Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат саломатлик, бахт ва омад хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман! 

Юзингиздан, қалбингиздан доимо меҳр нури ёғилаверсин, шарафли касбингиз ортидан ҳамиша шогирдлар ва эл-юрт ардоғида бўлинг, азиз устозлар!

Эътиборингиз учун рахмат!

Add new comment