Бошловчилик учун муҳими  сўз. Бундан ҳам муҳими — КЕРАКЛИ вақтда КЕРАКЛИ СЎЗни айтиш! Гапираётган мавзуингни  кўпчилик олдин ҳам катта давраларда гапирган ёки одамларни ҳайратга солиб бўлган бўлиши мумкин, аммо ўзингни овозинг, ўзингни оҳанграбонг   бўлмаса одамларнинг ёдида қолишинг тугул  сенинг сўзинг, гапираётган гапинг шовқинлар ичида қолиб кетаверади.  Мавзу долзарб бўлса-ю,  ҳиссиз оҳанг бўлса унинг  таъсирчанлиги  ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Учқудуқлик бошловчи Қобулжон Қурбоновнинг ҳар бир даврада, ҳар бир тадбирда айтадиган ўз сўзи, гапи бор. У нафақат Учқудуқ тумани, балки Навоий вилоятида ўтказиладиган деярли кўпчилик тадбирларда бошловчилик қилади. Ундаги жозибали нутқ санъати ва бошловчиларга хос сеҳрли  овози кишилар диққатини ўзига торта олади. 
Қобулжон асли хатирчилик. Навоий маданият ва санъат коллежини битириб,   2013 йилда “Учқудуқ” маданият саройига ишга келди. Бугунги кунда   маданият саройининг бадиий раҳбари лавозимида фаолият юритиб келмоқда. У икки касбни бир қўлда тутган, десак  хато бўлмайди. Негаки,  бадиий  раҳбар сифатида  ташкил этган тадбирлари нафақат НКМК ишчи-ходимларига балки туманнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аудиторияси учун  қизиқарли, барчага бирдек манзур бўлмоқда. Бошловчилиги эса ўша тадбирларга файз бағишлайди.
 -Ёшлигимдан  маҳоратли сўз устаси Ўткир Сиддиқовга тақлид қилардим, – дея хотирлайди Қобулжон. Мен ҳам катта саҳналарда чиройли кийиниб чиқиб бутун зални ўзимга қаратсам, сўзим билан маҳлиё этсам дердим. Шу соҳада ўқиш барорида халқимизнинг севимли бошловчилари билан танишдим.  Марҳум устозим Раҳматилла Мирзаевнинг: “Бировнинг сўзини бировга етқазиш қанчалик маҳорат талаб этишини ҳар саҳнага чиққанда ёдга ол”,  деган ўгитлари ёдимга тушади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,  актёр биринчи устозим Фотих Жалоловдан ўрганганларим бугун ҳам Учқудуқ аҳлига қилаётган хизматларимда ас қотяпти, –дейди суҳбатдошимиз. 
Бугун Қобулжон Қурбонов бадиий раҳбарлик қилаётган “Учқудуқ” маданият саройида 14 та тўгарак  фаолият юритади. Миллий рақс, эстрада, вокаль, хор, фольклор  сингари жамоаларга юзлаб учқудуқлик ёшлар жалб этилган. Маданият саройи қошида фаолият олиб бораётган  “Хушчақчақ” ҳаваскор театр жамоаси  томонидан “Ёдгор”, “Бебахт орзулар”, “Нон қадри”, “Улфатлар найранги”  спектакллари томошабинларга манзур бўлиш баробарида театр санъатига, актёрликка қизиқувчи  учқудуқлик ёшларни саҳнада кашф этди.  Айни кунларда ижодий жамоа “Олтин хазина ёхуд ақлдан озиш ҳеч гапмас” супер комедияси устида ишлаяпти.
Учқудуқда санъатни, маданиятни севадиган минглаб кончилар, металлурглар, чорвадорлар умргузаронлик қилади. Албатта, олис ҳудудларга таниқли ижодкорларнинг доимий ташриф буюриши амримаҳол.  Аммо  учқудуқликлар  маданият саройининг “Елес” халқ вокал жамоаси хонандалари  Бану Искаковани ўзининг “Юлдуз Усмонова”си, Гулнур Қуракбаевани – “Қарақат Абилдина”си, Мағжан Садуақасовни – “Қуандиқ Рахим”и, хушовоз хонанда Феруз Ибодуллаевни эса – “Озодбек Назарбеков”и деб билади. Шу боис, турли миллат вакиллари дўст-иноқ яшаётган Учқудуқда қўшиқчилар репертуаридан қардош халқлар қўшиқлари ҳам ўрин олган.   
- Маданият саройимизнинг “Санъат” миллий чолғу ансамбли “Қизилқум санъат ғунчалари 2019” танловида бош соврин – гран при, “Экспрессия” эстрада рақс ансамбли ўтган 2023 йилда Тошкентда ўтказилган  “Арт Силк Wай” танловида гран при - бош совринга сазовор бўлишган.  2021 йилда  Тошкент шаҳрида  бўлиб ўтган “Роза Востока” халқаро танловида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритишган. Хонанда Бану Искакова эса республика Ботир Зокиров номидаги “Офарин” конкурси дипломанти. Бу ижодкорлар  пойтахтда ёки катта шаҳарларда ижод қилсалар бундан-да катта мувафаққиятларга эришишлари мумкинлигини билишади. Бироқ, бугун Учқудуқ халқи учун хизматлари кераклигини тушунишади ва ҳис этишади,-дейди бадиий раҳбар Қобулжон Қурбонов.
Ҳа, аслида санъаткор,  ижодкор учун халқнинг олқишидан катта мукофотнинг ўзи йўқ. Бу мукофотни олаётганлардан бири –“Учқудуқ” маданият саройи ходимларидир.

      Яна сўзни қахрамоним Қобулжон Қурбонов ҳақида давом эттираман. Санъат соҳасидаги ижодкорликни сен ўзингга касб қилиб танлолмайсан. Чунки у Яратган томонидан берилган неъмат. Қобул  ҳудудда ўтадиган сиёсий тадбирми, кўнгилочар дастурми,  муҳим саналарга бағишланган байрам шодиёналарими   ҳаммасида бошловчилик қилади. Уни ана шундай  “тушадиган” овоз билан сийлаган. У эса ана шу қирраларини очилишида ўз ишхонаси “Учқудуқ” маданият саройининг ҳиссаси катталигидан айниқса,  маданият саройи директори ёш истеъдод Пўлат Амоновдан миннатдор.
 “Бугунги кунинг қадрига етиш, шукроналик катта давраларнинг пештоқига ҳарфлар билан илинишидан ташқари, баралла айтиладиган сўз. Ана шундай сўзни айтиш менга насиб этганидан хурсандман. Чунки сўзгина инсоннинг қалбига тезроқ ўрнашиб олади. Отам Зиёдулла Қурбонов узоқ йиллар биз болалари  учун меҳнат қилиб қарилик гаштини сурар пайти икки кўзидан ажралди. Бугун бизни фақат овозимиздан танийди. Отамнинг мени овозимни эшитиб  қанчалик хурсанд бўлишини юзларидан кўраман... Онам  Саида Қурбонова оғир хасталик сабаб тўшакка михланган. Ҳар гал кўришга борганимда ёки телефонда гаплашганимда: “Овозингни эшитиб, оғриқларим эсимдан чиқди”,   десалар хурсанд бўламан. Халқимизнинг фақат яхши кунида хизмат қилиш касбимнинг биринчи даражали “қасамёди”.  Ва фақат шу учун дуо оламан.  Ана шу дуолар эса эндигина 70 дан сакраган 80 га етаётган онам учун кифоя қилишини ният қиламан”, дейди Қобулжон Қурбонов.

 

Лайло КАРИМОВА

Add new comment